Минглини жини суймайди. Тадбиркорман, деб тоғнинг катта қисмини эгаллаб олган. Илгари ҳамма мол боқадиган жойга хўжайинлик қилаётир. Атрофни панжара билан ўраб бошлади, чорва моллари боқишни тақиқловчи белгилар ўрнатди. Йигитларига махсус кийим кийдириб, рация бериб қўйганига ўласанми! Энди қўйларини тоғ ошириб боқа олмайдими?
Шу каби ўйлар ичини кемираётган Асқарнинг кўзлари симтўсиққа тушди-ю, жаҳли чиқди. Алам билан қўйларини Минглининг ерига ҳайдади. Озроқ юрганди, унинг қаршисидан махсус кийим кийган Зуфар чиқиб, “Бу ерда чорва боқиш мумкин эмас, тез жўна” деди. Асқар ҳамқишлоғининг пўписасига дўқ билан жавоб қайтарди: “Хоҳлаган жойингга боравер, қўй шу ерда ўтлайди”.Зуфар тортишиб ўтирмади, рация орқали Минглини чақирди. Шу атрофда экан, икки қоровул билан етиб келди ва қўйларини олиб кетмаса, уларни қамаб қўйишини маълум қилди. Қўлидан ҳеч нарса келмаслигини сезган Асқар ортга қайтишга мажбур бўлди.
Аслида Асқар Минглининг мақсадини яхши билади, Нурота қўриқхонасига туташ 383 гектарлик ҳудудда экобоғ очиб, дов-дарахтларни кўпайтирмоқчи, кейин олқор олиб келади. Ана унда кўрасиз, бу ерга сайёҳларнинг келишини. Бусиз ҳам Форишнинг Ухум қишлоғига тоғ табиатига ошиқ, олқордек ноёб жониворни кўриш учун Франция, Бельгия, Германия, Австралия каби давлатлардан туристлар келади.
Қисқаси, бу атрофда уй меҳмонхоналари қурганларнинг даромади ёмон эмас. Асқарнинг ўзи ҳам шу йўл билан пул топишни режалаштираяпти. Аммо барибир тоғни кимдир эгаллаб олганини қабул қилолмайди.
Эртаси куни тонгда яна тоққа йўл олди. Чорва моллари ораламагани учун Минглининг ерида ўт-ўлан қалин эди. Ўзини тия олмади. Қўйларини яна ўша томонга ҳайдади. Озроқ вақтдан сўнг Мингли қоровуллари билан етиб келди. Улар чорва молларини боқмаслик бўйича огоҳлантирганликларини айтиб, қўй-эчкиларни ҳайдаб кета бошладилар. Профилактика инспекторини чақириб, далолатнома тузишар эмиш.
Жаҳли чиққан Асқар уларни ҳақоратлаб, сўкина бошлади. Қоровулларга қарши чиқа олмаслигини англагани сайин ўзини боса олмас, ҳаммасини янчиб ташлагиси келарди. Кўнглидаги тилига кўчди: “Мингли! Ҳозир пастга тушиб, машинангни ёқиб юбораман. Қайтиб келиб, ерингга ўт қўяман”.
Тезликда узоқлашаётган Асқарнинг кузатаётган Мингли: “Кўз-қулоқ бўлинглар, мен машинамдан хабар олай, тағин бир балони бошламасин”, деганча қуйига кетди. Асқар бўлса, йўлнинг ярмида тоғ томонга ўгрилди, қўйларини қайтаришади, деб ўйлаганди. Аммо чорвасининг изи ҳам кўринмади.
Ожизлигидан алами ошди, тоғ бағрида жойлашган уйдаги қиздан гугурт сўраб, Минглининг ерига келди, шу ерда бироз ўтирди. Атрофни кузатди. Аланглар экан, қўйини қайтариб юборишларига умидланаётганини сезди. Минутлар унинг тоқатини тоқ қилди, бўғзини аламга тўлдирди. Гуруртни чақиб хасларга тутди.Асаднинг иссиғида қовжираган ўт-ўланлар шамол таъсирида бир зумда алангаланди ва олов теваракка ёйилди. Бу пайтда қоровуллардан бири дурбинда Асқарни кузатиб турганди. Хавфни сезиши билан рацияда бошқаларни чақирди, кимдир қишлоққа телефон қилди.
Шу тариқа, жорий йилнинг 6 июль куни Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Ухум қишлоғи ҳамда Нурота қўриқхонаси оралиғида жойлашган “Felcon hunting solutions” FHS Nurota” масъулияти чекланган жамиятига тегишли 1 гектардан ошиқ майдондаги ўт-ўланлар ҳамда 400 та ёввойи бута ёниб кетди. Қоровуллар жонбозлик, қишлоқ одамлари эса уларга ёрдам кўрсатишмаганида зарар каттароқ бўлиши аниқ эди.
Бу пайтда Асқар қилган ишининг оқибатини ўйлаб, вазиятдан чиқиш йўлларини қидираётганди. Унга опаси ёрдам берадиган бўлди. Аёл ҳуқуқ-тартибот идораларига қўнғироқ қилиб, қўйларининг ноҳақдан олиб қўйилганлиги устидан шикоят қилди. Масалага профилактика инспектори аралашиб, 62 бош қўй-эчки эгасига қайтарилди.
Ўз навбатида Мингли Фориш тумани ички ишлар бўлимига содир бўлган воқеа юзасидан ариза ёзди. Суриштирув жараёнида Асқар қайтарилган қўйларнинг 10 таси, унинг опаси эса 40 таси йўқ, деб туриб олди. Яъни, улар “МЧЖ ходимлари олинган қўйларни камайтириб қайтаришди”, дея иддао қилдилар. Гувоҳлар кўрсатмалари, шунингдек, “Felcon hunting solutions” FHS Nurota” масъулияти чекланган жамияти қоровуллари томонидан уяли алоқа воситаларида олинган видеотасвирлар ҳамда ишга алоқадор ҳужжатларни ўрганиш давомида қўй-эчкиларнинг ўзлаштирилмаганлиги, Асқарнинг ер майдонига ўт қўйганлиги ва масъулияти чекланган жамият ходимларини ҳақорат қилганлиги аниқланди. Худди шундай, қўйларнинг бир қисми қайтарилмаганлигига оид иддаолар ҳам тасдиғини топмади. Ёнғин натижасида масъулияти чекланган жамиятга 8 миллион 94 минг 370 сўм миқдорида зарар етказилган.
Шу маънода, суд Асқарга 15 кунлик маъмурий қамоқ жазосини тайинлади, бундан ташқари ёнғин ортидан етказилган зарарни ҳам қоплайди. Унинг опаси эса туҳмати учун энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жаримага тортилди.
Мазкур қонунбузарлик муҳокамаси Ухум қишлоғида бўлиб ўтди. Тадбирда рўй берган воқеа юзасидан фикр билдирилар экан, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, табиатга зарар етказмаслик, қонунбузарликларнинг сайёҳлик имкониятларига салбий таъсири тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Тадбир давомида Асқар қилмишларидан пушаймонлигини маълум қилди. Шунингдек, вазиятдан чиқиш учун “Қўйларнинг бир қисмини қайтариб бермади”, дея қоровулларга туҳмат қилганлигини тан олди.
Хуллас, жаҳлини жиловлай олмаслик Асқарга қимматга тушди. У ҳар қандай қонунга зид ҳатти-ҳаракат учун жазо муқаррарлигини англади, назаримизда.