Президентимиз томонидан ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар органлари, солиқ инспекцияси масъулларига секторлар кесимида аҳоли дуч келаётган муаммоларни баратараф этиш, ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни ҳаётга самарали татбиқ этиш вазифаси юкланган. Шу маънода, жойларда сектор раҳбарлари томонидан сайёр қабуллар уюштирилиб, аҳоли дуч келаётган қийинчиликларга ечим топилаётир.Хусусан, Ғаллаорол туманидаги ички ишлар секторида бузилган кўприкларни тиклаш чоралари кўрилмоқда. Бу йил баҳорнинг серёғин келиши натижасида Ғаллаорол туманидаги бир нечта катта-кичик кўприкларни сел ювиб кетди. Ушбу табиий офат оқибатларини бартараф этишда ички ишлар ходимлари фаол қатнашмоқдалар. Жумладан, Қипчоқсув қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Солин қишлоғида жойлашган кўприк вилоят ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан қайтадан барпо этилаётир.Қурилишга автокран, юк ташиш ва суриш техникалари жалб этилиб, эски кўприк олиб ташланди. Узунлиги 16, эни 12 метр бўлиши режалаштирилган кўприкка 4 та сув ўтказгич ўрнатиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, сел ювиб кетмаслиги учун кўприкнинг сув кирадиган ва чиқадиган қисми бетонланади. Айтиш жоизки, мазкур масала вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров томонидан туманда ўтказилган сайёр қабулда кўтарилган эди.Солиндаги кўприк қуриб битказилгач, ички ишлар ходимлари кўмагида ҳашар йўли билан Қипчоқсув қишлоқ фуқаролар йиғинидаги яна иккита кўприк қайта тикланади. Бу ишларни ёғинли кунлар бошлангунча якунлаш режалаштирилган. Умуман олганда, туман ички ишлар бўлими секторида шу каби бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.Чунончи, сектор ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг ўтган даврида Лалмикорда 800 метр, Коризқудуқда 600 метр, Жийдалида 700 метр, Маржонбулоқда 600 метр йўлга шағал ётқизилиб, жорий таъмирдан чиқарилишига эришилди.
Бундан ташқари 12 нафар ногиронлар ва кам таъминланларга даволаниш учун йўлланмалар ажратилиши чоралари кўрилди. 3 кишига ногиронлик аравачаси берилган. 8 та оилага уй таъмирида кўмаклашилди. Сектор ишчи гуруҳи 133 нафар фуқаро ишга жойлашишига ёрдам кўрсатди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.