Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги раҳбарлигида вилоят ички ишлар бошқармаси, Арнасой, Дўстлик, Зафаробод, Мирзачўл, Пахтакор туманлари ички ишлар бўлимлари ҳамда Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлинмалари шахсий таркиби иштирокида қўмондонлик ўқув машғулоти ҳамда махсус тактик ўқув уюштирилди. Машғулот ҳамкорликдаги тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилиши билан бошланди.
Амалиётлар давомида қуролланган шартли жиноятчиларни топиш ва зарарсизлантириш, олиб қочилган автоуловни қидириш,аҳоли пунктларига жиноий гуруҳлар киришининг олдини олиш, улар томонидан тартиббузарликлар содир этилишига йўл қўймасликка қаратилган тезкор тадбирлар ташкил этилди. Бу жараёнда махсус техника ва ускуналар, замонавий алоқа ва ахборот технологияларидан самарали фойдаланилди.
Шунингдек, шахсий таркибнинг турар жой ва жамоат транспортида гаровга олинган фуқароларни озод қилиш, ёнғинларни ўчириш, жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, кимёвий ва биологик ҳужум оқибатларини бартараф этишга оид имкониятлари синовдан ўтказилди. Бундай ўқувлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фавқулодда вазиятларга шайлигини ошириш билан бирга ҳамкорликда ишлашга доир малакаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Қўмондонлик ўқув машғулоти ҳамда махсус тактик ўқув якунида иштирокчиларнинг фаолияти таҳлил қилинди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилиб, ютуқлар эътироф этилди. Умуман олганда, Зафарободда ўтган машғулот натижалари ижобий баҳоланди. Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари иштирокидаги бундай ўқувлар аниқ режа асосида мунтазам ўтказилмоқда.
Ш. Набираев,