Бир қатор соҳаларда ёрдамига таяниладиган хизмат итлари жиноятчиликка қарши курашда муҳим ўрин тутади. Шу боис мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда кинология изчил ривожлантирилмоқда. Вилоят ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси таркибидаги кинология хизмати питомниги Шароф Рашидов туманида жойлашган. Бу ерда хизмат итларини сақлаш, кўпайтириш, ўргатиш учун барча шароитлар яратилган.
Питомникда немис ва Шарқий Европа овчаркалари, рус спаниели, лабрадор ҳамда ротвейлер зотли 78 та хизмат ити сақланмоқда. Жониворлар из қидириш, портловчи ва қурол-яроғларни топиш ҳамда гиёҳванд моддаларни излашга ихтисослашган. Хизмат итларининг қандай бўлиши кўп жиҳатдан кинологнинг тажрибасига боғлиқ. Кинолог қанчалик чидам ва сабр билан ўзига бириктирилган жониворни ишга ўргатса, шунчалик юқори натижага эришади.Хизмат итининг энг асосий иқтидориҳид сезишдир.
Чунончи, из қидирув итлари қолдирилган кийим, буюм ёхуд излар орқали жиноятчиларни топади. Бу турдаги итлар қидирилаётган шахсни узоқ масофага таъқиб этади, топганидан сўнг унинг қўлидаги қуролни тортиб олишнинг уддасидан чиқади.
Хизмат итлари билан ҳар куни машғулот ўтказилиши шарт. Чунки, ит машқ қилишдан тўхтаса, ўрганганларини 3-6 ойда унутиб юборади. Шу боис жониворлар вақти-вақти билан 4 ойлик курсларда пойтахтдаги кинология маркази мутахассислари кўмагида хизмат сирларини ўзлаштиришади.
Хизмат итларидан йўл патруль хизмати масканлари, блок ва тўсиқ чегара постларида самарали фойдаланилмоқда. Бу жараёнда жониворлар автоуловлар ва фуқароларни текширишга жалб этилади. Яъни, хизмат итлари қурол-яроғ, портловчи гиёҳманд моддалар, экстермистик мазмундаги материалларни ушлаб қолишда фаол қатнашадилар. Шунингдек, жиноят содир этилгудек бўлса, тергов тезкор гуруҳи билан воқеа жойига чиқилади.
Айтиш жоизки, жиноятларни очишда хизмат итларининг ҳиссаси катта бўлаётир.
Марказда хизмат итлари сонини ошириш, зотларини яхшилаш, шунингдек, уларни тайёрлашда замонавий усул ва технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу тадбирлар жиноятларни қисқа муддатларда иссиқ изида фош этишда қўл келиши тайин.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.