2018 йил 8 ойи билан қиёслаганда жорий йилнинг ўтган даврида Жиззах вилоятида жиноятлар сони 28,37 фоизга камайганлигини кузатиш мумкин. Бунга ҳуқуқ-тартиботни самарали таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, содир этилганларини “иссиқ изи”да очиш натижасида эришилган. Мазкур жараёнда соҳа вакиллари илғор услуб ва технологияларидан самарали фойдаланмоқдалар.Президентимизнинг жиноятдан холи муҳитни юзага келтиришга оид талаби юртимизда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни устувор масалага айлантирди. Чунончи, Жиззах вилоятининг барча қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида таркибида профилактика инспектори, ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасалари вакиллари бўлган 290 та ишчи гуруҳлари шакллантирилди. Бу гуруҳлар муқаддам судланганлар, ички ишлар органлари пробация хизмати назорати остида турганлар, ичкиликбозлар, оилавий жанжалкашлар, фарзанд тарбиясига етарли даражада эътибор қаратмаётганлар хонадонларида бўлиб профилактик суҳбатлар ўтказишмоқда.Шунингдек, ички ишлар органлари томонидан вилоятда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси натижадорлигини оширишга қаратилган бир қатор илғор ғоялар ҳаётга татбиқ қилинаётир. Чунончи, ҳуқуқий-психологик ёрдам ва реабилитация этиш сайёр автобуси фаолияти йўлга қўйилди. Яъни, таркибида ички ишлар органлари, фуқаролик суди, адлия бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси, диний идора, “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди вакиллари ҳамда психолог бўлган гуруҳ жойларга чиқиб, чекка ҳудудлар аҳолисига руҳий ва ҳуқуқий кўмак кўрсатмоқда.Ушбу ташаббус Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Чунончи, автобусни тегишли тартибда жиҳозлаш учун маблағ ажратилди. Психологик ва ҳуқуқий кўмак кўрсатувчи мутахассисларнинг жалб этилиши масаласи ҳам ҳокимлик ёрдамида ечим топди.Автобус ичида компьютер, телевизор, ҳуқуқий адабиётлар, ўриндиқлар ва кондиционер мавжудлиги эса қулай иш шароитини ҳосил қилган. Мулоқотлар жараёнида мавзуга видеоматериалларни намойиш қилиш кўзда тутилган. Автобусни аввало криминоген вазият мураккаб бўлган ҳудудларга йўналтириш режалаштирилаяпти.
Ҳуқуқий-психологик ёрдам ва реабилитация этиш сайёр автобусининг биринчи сафари Шароф Рашидов туманининг Хайробод маҳалласига уюштирилди. Мулоқотлар давомида оилавий келишмовчиликлар, қўшнилар ўртасидаги низолар билан биргаликда ҳудуд аҳолисини қийнаётган бир қатор муаммолар кўтарилди. Айрим масалалар жойига чиқиб ўрганилди. Бундан ташқари Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ташаббуси билан кўп қаватли уйларга эга аҳоли пунктларига жамоатчилик назорати кўзгуларини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу кўзгуларга ибратли оилалар, шу жойда яшовчилар эришаётган ютуқлар, сектор масъулларининг телефон рақамлари ҳамда айни жойга хос камчилик ва муаммолар акс эттирилади. Тадбирдан кўзланган мақсад кимнидир ибрат қилиш, кимнидир эса танқид орқали тўғри йўлга солишдир.
Шунингдек, мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида профилактика инспектори ва фуқаролар йиғини раиси тавсияси асосида кам даромадли қонунга итоаткор фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида кам фоизли кредитлар билан таъминлаш чоралари кўрилаётир.
Мазкур тадбир кам даромадли оилалар аъзоларининг соғлигини тиклаш, болаларнинг дам олиш оромгоҳларида бўлиши, уларнинг фан, спорт ва санъат тўгаракларига қамралишини ҳам назарда тутади. Бу ишлар маҳаллий ҳокимликлар, масъул ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Қисқаси, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун барча куч ва имкониятлардан фойдаланилмоқда. Айтганча, жойларда вилоят ички ишлар бошқармасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси томонидан жорий қилиниши бошланган ушбу лойиҳаларнинг тақдимотлари бўлиб ўтмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.