Жиззах шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мофиқлаштириш бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг бажарилишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси пробация бўлими, Шароф Рашидов тумани пробация гуруҳи масъуллари томонидан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг вилоятимиздаги ижросига тўхталиб ўтилди.
Чунончи, маҳкумлар ҳуқуқларининг сўзсиз таъминланиши, шаъни ва қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда маҳкумлар ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган фуқароларни иш билан таъминлаш, касбга ўргатиш, маънан соғлом ҳаётга йўналтириш, ижтимоий мослаштириш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга оид ишлар тилга олинди. Бу жараёнда бандликни таъминловчи давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилинаётгани ҳамда маҳкумларга психологик ёрдам кўрсатилаётгани билдирилди. Ўз навбатида жазони ўтаётганлар суд белгилаган чекловлар ҳамда қонун талабларига қатъий бўйсуниши лозимлиги уқтирилди.
Тадбир доирасида сайёр суд ўтказилди. Бу жараёнда жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов тумани суди томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган 11 нафар маҳкум муддатидан олдин жавобгарликдан озод этилди. Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўташ талаб ва тартибларига риоя этмаганлиги учун суд томонидан маҳкум Кашаева Юлияга қамоқ жазоси тайинланди. Энди Юлия 3 йил 11 ой 12 кунлик жазосини очиқда эмас, умумий тартибдаги колонияда ўтайди. Берилган имкониятдан фойдалана олмаган жувон суд ўтказилган бинода қамоққа олинди. Бундай йиғилишлар вилоятимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтаётир.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.