Дунёдаги энг улуғ ва шарафли касб эгаси бўлган Ўқитувчилар ва мураббийлар куни мамлакатимизнинг турли гўшаларида кенг нишонланмоқда. Ана шундай шодиёналардан бири вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи томонидан ўтказилди.Ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, ўқувчиларнинг таълим, спорт, маънавий-маърифий соҳаларда ютиқларга эришишларида Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейининг ўқитувчи ва мураббийлари ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб келмоқда. “1-октябр – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” муносабати билан уюштирилган тадбирда ана шундай соҳа фидойилари эъзозланди. Дастлаб, юртимиз мадҳияси янгради. Шундан сўнг байрам табригини ўқиб эшиттириш учун Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасининг биринчи ўринбосари, полковник Хўжамурод Ахмуродов сўзга чиқди.Ушбу қутлуғ айёмда соҳа ходимларининг бир гуруҳига ички ишлар бошқармаси вакиллари томонидан эсдалик совға ҳамда рағбатлантириучи пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи директорининг буйруғи билан лицейнинг 14 нафар ўқитувчиларига пул мукофоти, 14 нафарига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совға берилди. 11 нафари эса Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва Жиззах шаҳар ҳокимлигининг рағбатлантирувчи мукофотлари билан тақдирланди.Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи ўқувчиларининг дилтортар қўшиқлари, маҳорат билан ижро этилган рақслари тантана иштирокчиларида ўзгача таассурот уйғотди. Жумладан, вилоятимиз хушовоз хонандаларининг сара қўшиқлари байрам кайфиятига кўтаринки руҳ бағишлади. Шогирдларига билим ва тажрибаси, қалб ҳароратини бахш этишда чарчамайдиган устозларга атаб саҳналаштирилган театр томошаси ҳаёт синовлари ҳамда турмуш чорраҳалларида эгилмасдан илдам қадам ташлаётган инсон матонатига бағишланганди.
Тадбир сўнгида таълим соҳаси ходимларининг нуфузини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ қатор вазифалар намунали амалга оширилиётганлиги айтиб ўтилди ва шу билан бирга ҳаётга катта куч бўлиб кириб келаётган янги авлод камоли учун хизмат қилаётган соҳа фидойиларнинг келгуси ишларига омадлар тиланди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.