Постда нашрининг хабар беришича, Бухоро вилояти Когон туманида яшовчи фуқаро пулни нақдлаштирувчи банкоматда икки миллион сўмни унутиб қолдирган. Бу пулларни эса бошқа бир эркак олиб кетади. Ҳодиса 2 октябрь, чоршанба куни соат 10:30 ларда юз берган.
“Когон шаҳрида яшовчи 39 ёшли Б.М. “Қишлоққурилишбанк”нинг Когон шаҳар филиали олдида жойлашган банкоматдан пул нақдлаштираётганда уяли телефонига қўнғироқ бўлади. Телефон орқали суҳбатга берилган мижоз банкоматдан чиқиб турган 2 миллион сўм пулни олишни унутиб, кетиб қолади. Қайтиб келганда эса, кеч бўлган эди», — дейилади хабарда.
Фуқаро Б.М.нинг шаҳар ИИБга қилган мурожаати асосида зудлик билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Когон шаҳар Зебинисо кўчасида яшовчи Д.Ҳ. содир этганлиги аниқланди. У банкоматга яқин жойда Б.М.нинг хатти-ҳаракатларини кузатиб турган. Пулларни унутиб қолдирганлигидан фойдаланиб, банкоматда турган икки миллион сўмни олиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.