Юртимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Халқимиз корига яраб, давлатимизга наф келтираётган тадбиркорлар сони кун сайин ортиб борар экан, уларнинг виждонан, қонуний ва эркин фаолият юритишларига халақит бериб, ҳалол рақобат муҳитини издан чиқаришга уринаётган сохта тадбиркорлар ҳам учраб турибди. Улардан бири Шароф Рашидов тумани, “Янгиҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1974 йилда туғилган фуқаро Эргаш Мўминовдир.Шу йилнинг 16 октябрь куни Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлими ходимлари унинг хонадонини холислар иштирокида кўздан кечирганида ушбу шахс давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб, қонунга хилоф равишда пахта ёғини муомалага киритиш мақсадида ишлаб чиқариш билан шуғулланаётгани аниқланди. Тасвирда кўриб турганингиздек, муҳташам безатилган яшаш хонанинг ертўласи ҳуқуқбузарликни яшириш учун хизмат қилган.Ачинарлиси шундаки, ёғ ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ушбу чигитларнинг аксарияти аслида уруғлик чигитлар бўлиб, уларга кимёвий заҳарли дорилар билан ишлов берилган. Шу сабабли, қўлбола усулда тайёрланган пахта ёғи инсон саломатлиги учун ўта хавфли ҳисобланади.
Хонадонда ўтказилган тезкор тадбирда истеъмолга яроқли ёғ маҳсулотига кўзимиз тушди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, қўштирноқ ичидаги тадбиркор пахта ёғини инсон саломатлигига жиддий хавф уйғотишини билган. Шунинг учун ишлаб чиқараётган ёғидан ўзлари истеъмол қилмасдан истеъмолга яроқлисидан олиб ишлатишган.Ушбу хонадондан 1 дона “Жувоз” ускунаси, 235 кг чигитдан ажратилган пахта маҳсулоти, 3 минг 941 тонна чигит, 5 минг 433 тонна кунжара маҳсулоти ҳамда кўп миқдордаги сифатсиз пахта ёғи қонунбузардан ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Эшитганингиздек, олғир тадбиркорнинг қоидабузарлиги учун жазо енгил бўлмаслиги тайин. Бироқ жиғилдонни инсонлар соғлигидан устун қўйиш кайфияти қачонгача давом этади? Нима бўлганда ҳам шуниси аниқки, қонун устуворлиги таъминланади, айбдорлар тегишли жазосини олишади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.