Жорий йилнинг 9 январь куни Пахтакор туманидаги “Амир Темур” пахта қабул қилиш пунктидан йирик миқдорда пахта хом ашёси ўғирланаётганида ички ишлар органлари ходимлари жиноятнинг олдини олдилар. Табиийки, тегишли тартибда жиноий жавобгарликка тортилди.
Вилоят коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими ходимлари эътиборини “Пахтакор пахта тозалаш” акциядорлик жамиятига қарашли Амир Темур пахта қабул қилиш маскани теварагида бир нечта автомашиналар тез-тез пайдо бўлаётгани тортди. Ички ишлар ходимлари 1 минг 500 тонна пахта хом ашёси сақланаётган ҳудудда нимадир кутилаётганлигини тахмин қилиб, кузата бошладилар. Соат 22.30лар атрофида пахта тозалаш корхонасига ён девор томонидан давлат рақами 25 N 131 ЕА бўлган “Зил 131” автомобили яқинлашиб тўхтади. Шундан сўнг полиэтилен қопларга жойланган пахталар девор оша улоқтирилиб, автоулов юкхонасига ортила бошлади.
Иш қизиган пайтда ички ишлар ходимлари бир нечта ўғриларни тутишди. Уларнинг бир қисми қочиб кетди. Қисқаси, вилоят ички ишлар бошқармасининг коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув давомида жиноятни маскан товаршуноси Бахтиёр Эшонқулов ҳамда қоровул Нурсултон Ғайбуллаев ўзаро тил бириктириб содир этганликлари маълум бўлди. Айтганча, улар из қолдирмаслик мақсадида ҳудуддаги кузатув камерасини ўчиришган. Тергов давомида пахта ортиш учун мардикорлар Жиззах шаҳрида ёллангани билдирилди.
Жиноятчилар ўғрилик пахтани Жиззах шаҳри, Жиззахлик маҳалласида яшовчи Отабек Муқимовга 1 килограммини 2500 сўмдан сотишга келишганлар. Умуман олганда, ўғрилар 147 дона полиэтилен қопларга қиймати 23 миллион 416 минг сўмлик 6 тонна 853 килограмм хом ашёсини қопларга жойлашга муваффақ бўлишган. Агарда ички ишлар ходимлари уларни тўхатиб қолмаганларида зарар бундан-да кўпроқ бўлиши тайин эди.
Шундай қилиб, суд Комил Ҳотамқулов ва Отабек Муқимовларга 1 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Бу даврда уларнинг иш ҳақининг 20 фоизи давлат фойдасига ушлаб қолинади. Худди шундай, Нурсултон Ғайбуллаевга 1 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ва бу муддатда иш ҳақининг 30 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш белгиланди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.