Жиззах вилояти мусиқали драма театрида Янги йил муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, соҳавий хизматлар ҳамда ички ишлар бўлимлари ходимлари, уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи каби тизимга алоқадор жамоалар вакиллари иштирокида тантанали йиғилиш уюштирилди.
Йиғилиш аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, барчани янги йил билан қутлади ва вилоятда жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида йил давомида амалга оширилган тадбирларга атрофлича тўхталиб ўтди. Хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг кучайтирилиши вилоятдаги 88 та маҳаллада қонунбузарликлар содир этилмаслигига омил бўлган. Натижада 2018 йилга нисбатан жиноятлар миқдорининг сезиларли даражада камайишига эришилди.
Шунингдек, соҳа ходимлари томонидан секторларда салмоқли ишларга қўл урилган. Чунончи, Арнасой туманида “Илғор ҳудуд” синов лойиҳасини амалга оширишда тизим вакилларининг улуши катта бўлди. Тумандаги тўртта ташкилот биноси ички ишлар тизими маблағлари ҳисобидан бунёдга келтирилди.
Худди шундай, вилоятнинг барча ҳудудларида йўл қурилиши, ичимлик суви, электр таъминоти каби аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал қилишда фаол қатнашилган. Қисқаси, 2019 йил ички ишлар органлари вакиллари хотирасида натижадорлиги билан қолиши тайин.
Танатанали йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг буйруқлари асосида қатор ходимларга биринчи ва навбатдаги махсус унвонлар топширилди. Сўнгра жамоат тартибини сақлаш, юртимиз осойишталиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ишига қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ ходимлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқлари ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. Соҳа фахрийларига эса Янги йил совғалари берилди.
Тадбир доирасида ички ишлар вазирлиги ихтиёрига ўтказилган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Камолиддин Акбаровни кузатиш маросими ўтказилиб, унга эсдалик ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Тантанали йиғилиш якунида Ўзбекистон давлат филармониясининг вилоят бўлинмаси, “Афсона” рақс жамоаси, Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи бадиий гуруҳларининг концертлари намойиш қилинди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати.