“Жиззах ҳақиқати” ҳамда “Джизакская правда” газеталарининг бирлашган таҳририятида ички ишлар ҳодимлари ҳамда журналистлар, ахборот хизмати раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир фаолияти таҳлилига бағишланган матбуот анжуманида ушбу соҳага оид бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, майор Сайёра Холмирзаева хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ишлар юзасидан фикрларини билдириб ўтди. Жумладан, нотиқнинг билдиришича, 2019 йилда вилоятда аёллар томонидан 188 та жиноят содир этилган. 2018 йилда бу кўрсаткич 196 тани ташкил қилган, яъни ўтган йили хотин-қизлар жиноятчилигини 4 фоизга камайтиришга эришилган.
Қайта жиноятларнинг олдини олиш мақсадида жазони ижро этиш муассасасидан қайтган 21 нафар хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, моддий ёрдам кўрсатилган. Уларни ижтимоий муҳитга мослаштириш чоралари кўрилиб, ишга жойлаштирилган. Худди шундай, жиноят содир этган 39 нафар аёл хотин-қизлар қўмиталари кафиллигида озодликка чиқарилган.
Шунингдек, аёллар ва болаларга фуқаролик ҳужжатларини расмийлаштириш, таълим муассасаларида давоматни назорат қилиш, профилактик ҳисобда турганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир суҳбатлар ўтказилаяпти.
Шунингдек, матбуот анжуманида юртимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, хусусан, ички ишлар соҳасида кечаётган ўзгаришлар ҳамда хотин-қизларнинг жиноятчилигини олдини олишга қаратилган қўшимча таклиф ва фикрлар тингланди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати.