Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитойнинг «Буюк юриш» (ALIT-Aerospace International Trade) аэрокосмик халқаро савдо компанияси президенти Чжао Цзюньчао бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берган.
Мулоқот чоғида томонлар космонавтика, пилотсиз бошқариладиган учиш аппаратлари, мудофаа саноати соҳалари бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
Учрашув доирасида фазовий ва йўлдош технологияларини ривожлантириш ҳамда ўрганиш бўйича икки томонлама ҳамкорликка кўмаклашиш тўғрисида келишувга эришилди.
Яқин келажакда ўзбекистонлик мутахассисларнинг Хитой Халқ Республикасида малака ошириши ва машғулотларда иштирок этиши ташкил этилади. Шунингдек, масъул вазирлик, идоралар иштирокида йўлдош технологиялари ва масофадан туриб ерни зондлаштириш соҳаларида биргаликдаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.
“ALIT” Хитойнинг аэрокосмик фан ва техника корпорацияси (CASC)нинг ихтисослаштирилган, аэрофазовий соҳадаги маҳсулотлар ва хизматлар импорти, экспортини амалга ошириш ҳамда маҳаллий йўлдош алоқаси негизида миллий йўлдош алоқаси тизимини яратиш учун ваколатли компания ҳисобланади.
“CASC” эса “Fortune Global 500” рўйхатидан ўрин олган компаниялардан бири бўлиб, 1999 йил 1 июлда ўз фаолиятини бошлаган. Ташкилотнинг 2018 йилдаги савдо айланмаси 36 миллиард долларни ташкил этди. Ҳозирги пайтда “CASC” Хитойдаги ягона йўлдош алоқасига эга ва узатувчи оператор саналади.