Жиззах вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлимининг жиноят қидирув бўлинмаси ходимлари Мирзачўл туманидаги Ержар темир йўл бекатида 60 литр дизель ёнилғисини ҳудудда яшовчи фуқарога сотаётган тепловоз машинисти Т.Н. ҳамда машинист ёрдамчиси А.Ж.ни ашёвий далиллар билан ушладилар. Шунда қонунбузар Т.Н. Жиззах вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлимининг жиноят қидирув бўлинмаси тезкор вакили, катта лейтенант Мирсаид Собировга 500 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилди.
Бу пул эвазига қонун посбони ҳужжатларни жавобгарликни енгиллаштирадиган тарзда расмийлаштириши керак эди. Аммо бундай бўлмади ва катта лейтенант Мирсаид Собиров ҳолат юзасидан тегишли идораларга мурожаат қилди. Шундай қилиб, Т.Н. ички ишлар органи ходимига 500 АҚШ доллари миқдорида пора берган вақти Ўзбекистон Республикаси ИИВ ўз хавфсизлик бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими ҳамда Ховос транспорт прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланди.
Жорий йилнинг 24 февралида юз берган мазкур ҳолат бўйича тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган. Ўз навбатида ҳалоллиги учун катта лейтенант Мирсаид Собиров Жиззах вилояти ИИБ томонидан моддий рағбатлантирилади. Маълумот ўрнида айтиш керакки, Жиззах шаҳри, Тинчлик маҳалласида яшовчи Т.Н. 2016 йилда ҳам айни шу турдаги жиноятни содир этганлиги учун судланган.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати