Сўнгги кунларда вилоятимизда ҳудудий ички ишлар органларининг биринчи раҳбарлари умумтаълим мактабларида ички ишлар соати машғулотларини ўтказишмоқда. Худди шундай машғулот вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генарал-майор Ғайрат Қодиров томонидан Жиззах шаҳридаги 6-сонли ўрта умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида ўқувчилар ички ишлар органлари фаолиятида қўлланилаётган автоуловлар ҳамда қурол-яроғлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Бу жараёнда уларга ички ишлар органлари соҳавий хизматлари фаолияти, фойдаланувдаги техника ва воситалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шундан сўнг Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кинология хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари хизмат итлари ёрдамида жиноятчиларни ушлаш, қурол-яроғ ва гиёҳванд воситаларни топиш, из қидиришга оид малака ва кўникмаларини намойиш қилдилар. Тадбир доирасида ҳарбий оркестри концерт дастури уюштирди.
Айтиш жоизки, муҳтарам Президентимиз барча даражадаги раҳбарлардан ёшлар билан ишни янгича тартибда ташкил этишни талаб қилмоқда. Генерал-майор ички ишлар соати машғулотида масаланинг шу жиҳатига тўхталар экан жорий йилда ёшлар ҳаётига оид кутилаётган ўзгаришлар ва қўйиладиган талаблар хусусида фикр билдирди. Шунинг баробарида юртимизда ёшларнинг билим олишлари учун яратилаётган шароитлар хусусида сўз юритди. Худди шундай, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Машғулотда улғайиб келаётган авлод вакиллари томонидан бошқарма бошлиғига ўзини қизиқтирган саволлар берилди. Шунингдек иқтидорли ўқувчиларнинг ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлари тингланди. Учрашув давомида ёшларга бир қатор соҳалар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Бу каби тадбирлардан кўзланган мақсад улғайиб келаётган авлод вакилларини мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлардан бохабар қилиш, қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлашдир.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.