Кўнгли эзгуликка йўғрилган ҳар бир инсон бу ёруғ дунёда бахтли, саодатли, фаровон яшашни, ўзидан нимадир яхши из қолдириб, номини яхши одамлар сафида эшитишни истайди. Яхшидан боғ қолади деган нақл бу ҳоҳиш-истакнинг амалга ошишида инсонга ўзи туғилиб ўсган она заминни гулзору боғларга айлантириш қувватини беради. Чиндан ҳам бугун табиат инъом этган имкониятлардан самарали фойдаланган киши тупроқни зар, ўзини заргар деб билади. Барча соҳа каби боғ яратиш ҳам фидоий инсонларнинг, айни замонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакилларининг қизиқадиган йўналишларидан бирига айланмоқда.
Демоқчи бўлганимиз, умумхалқ ҳайрия ҳашарида вилоят ички ишлар органлари ходимлари алоҳида ташаббус билан иш бошлади. Яъни, шахсий таркибдан 400 нафар ҳуқуқ посбонлари Зомин тумани ҳокимлиги томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси учун Ширин қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 6 гектар ажратилган ер майдонида 3 мингга яқин мевали дарахт кўчатлар ўтқазишди. Режага кўра бу ерда вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли Ёшлар боғи яратилади.
Тадбир давомида ҳарбий оркестр томонидан уюштирилган концерт дастури ҳашарчиларга ўзгача завқ улашди.
Халқимизни бирлаштирган бу каби хайрли тадбирлар минглаб шундай эзгу ишларни амалга оширишга, савобли ишларни бажаришга имконият яратди ҳамда келгусида ҳам умуминсоний, миллий ва маънавий аҳамиятга эга бўлган ташаббуслар давомийлиги сақлаб қолинади. Айтиш жоизки, бу каби ҳар йили баҳорда ҳашар тарзида амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида ўнлаб истироҳат боғлари, шаҳар ва қишлоқлар чирой очиб бормоқда.
Ҳашар халқни бирлаштиради, кўнгил ободлигини таъминлайди. Табиат мусаффолиги ҳар биримизнинг атроф-муҳитга бўлган муносабатимизга боғлиқ. Бугун она табиат яна жонланаётган бир паллада юртдошларимизнинг янгиланиш ва яшаришга бўлган интилиши, табиатни асраб авайлашга қўшаётган хиссаси эртанги авлод учун ибрат бўлиши лозим.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.