Коронавирус инфекциясининг мамлакатимизда қайд этилиши билан барча жойларда эпидемияга қарши курашда профилактик тадбирлар жадал олиб борилмоқда. Хусусан, Жиззах вилоят ички ишлар органлари ходимлари масъул ташкилот вакиллари билан ҳамкорликда фуқароларга коронавирусдан сақланиш ва унинг олдини олишда зарур бўлган тушунчаларни бериб келаётир.
Дунёнинг аксар давлатларини қамраб олган коронавирус инфекцияси бугун инсониятнинг тиббий маданияти ва имкониятларини, пандемия юзага келтирган сиёсий, ижтимоий ҳамда иқтисодий муаммоларни енга олиш салоҳиятини, таъбир жоиз бўлса, иродасини синовдан ўтказмоқда. Таъкидлаш керакки, вилоятимизда ушбу юқумли касаллик тарқалишининг олдини олишга қаратилган барча чора-тадбирлар кўрилаётир.
Дарҳақиқат, Дўстлик тумани ички ишлар бўлими ходимлари ҳам коронавирус хасталиги тарқалишига қаратилган ҳаракатларнинг фаол иштирокчисига айландилар. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, туманда 232 нафар фуқаролар уй шароитида тиббий кузатув остига олинган эди. Шулардан 220 нафари назоротдан чиқарилиб, жорий йилнинг 4 апрель ҳолатига кўра 12 нафари назорот остида қолдирилган.
Туманнинг марказий кўчаларида эпидемияга қарши курашнинг самарадорлигини оширишга қаратилган зарарсизлантириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Чунончи, Дўстлик шаҳрига киришда ҳар бир автомашинага зарарсизлантирувчи воситалар сепилиб, ҳайдовчилар коронавирус инфекцияси хавфидан огоҳлантирилаётир.
Қолаверса, ички ишлар органлари ходимлари томонидан коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида аҳоли пунктларида овоз кучайтиргичлар ёрдамида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Бу жараёнда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш ҳамда жамоат жойларида шахсий тиббий воситаларидан фойдаланмаслик, карантин қоидаларига амал қилмасликнинг оқибатлари тўғрисида маълумотлар берилаётир. Карантин назоратига олинган фуқароларнинг бошқалар билан алоқасини чеклаш вазифаси ҳам соҳа вакиллари зиммасида. Туманда ушбу чекловларга риоя қилмаганлар ҳам бўлиб, хусусан 102 нафарига маъмурий баённомалар тузилган.
Айтадиган бўлсак, 3-секторга қарашли Бунёдкор қишлоқ фуқаролар йиғинида Мирзачўл тўқувчилик мажмуаси МЧЖга қарашли Дўстлик туман филиали тиббий ниқоблар етишмовчилигини олдини олиш ва аҳолини сифатли тиббий ниқоблар билан таъминлаш борасида бир кунда 3 мингдан ортиқ тиббий ниқоблар ишлаб чиқарилиб, арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда.
Карантин қоидаларига риоя қилиш ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулатлари билан мунтазам таъминлаш учун янгича ёндошув талаб этилмоқда. Шу боисдан ҳам “Сиз уйда қолинг, сиз учун хизмат қиламиз” шиори остида сектор раҳбарлари ташаббуси билан кўчма дўконлар ташкил қилиниб, туманнинг энг чекка қишлоқларига арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилаётир.
Дарҳақиқат, ички ишлар органлари ходимлари томонидан СОВИД-19 инфекциясининг олдини олишга қаратилган ушбу саъй-харакатлар дунёнинг айрим давлатлари сингари тез орада коронавирус хавфини бартараф этишимизга умид уйғотади. Яна шуни унутмаслик керакки, ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Шундай экан уйда қолинг!
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.