Биринчи кун. Ички ишлар бўлими ходимлари уйдан бир қадам чиқишимга қўйишмаяпти. Хориждан келган бўлсам, нима қилибди, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Йўталганим йўқ, иссиғим ҳам чиқмаяпти. Онам билан телефонда гаплашиб турибман, лекин кўриша олмаганимиз чатоқ бўлди-да. Ахир, бир йил бўлди, дийдорлашмаганимизга. Қанақа одам улар, ҳеч тушунишмайди.
Тўртинчи кун. Бугун ҳам илтимос қилдим, ярим соат кўчага чиқиб келай, юрагим зиқ бўлиб кетди, дедим. Кечирасиз, ҳақим йўқ, карантин, дейди. Лекин яхши йигитга ўхшайди. Иши осон эмас экан. Мен-ку, уйимда маза қилиб ётибман. У бўлса, кечаю кундуз бизни қўриқлаб чиқади. Бошқа пайти бўлганида меҳмонга таклиф қилардим.
Еттинчи кун. Илтимос қилгандим, кимгадир тайинлаб гўшт, картошка-пиёз, устара келтириб берди. “Нима бўлса, бизга айтинг, сиз фақат ташқарига чиқмасангиз бўлди”, деди. Ҳақиқатда, ички ишлар органлари ходимларига қойил қолиш керак. Ҳамма уйида, улар эса эртаю кеч хизматда. Касалликни ҳам писанд қилишмаяпти.
Ўн бешинчи кун. Ҳеч қанақа инфекция аниқланмади, соппа-соғман. Онам билан учрашдим. Уйга қайтарканман, таниш ички ишлар органи ходимини кўриб қолдим. У бошқа уйни қўриқлаяпти. Шукрки, халқимизнинг шундай фарзандлари бор.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Postda” мухбири.
Жиззах вилояти.