Сардоба сув омборида юз берган фавқулодда ҳолат сабабли 22 та аҳоли яшаш пунктидан фуқаролар хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Эндиликда зарар етмаган, хавфдан ҳоли ҳудудларга аҳолини қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, бугун Шароф Рашидов туманидан 349 нафар фуқаролар ўз уларига кузатилди. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, ушбу туманга 2750 нафар сирдарёликлар жойлаштирилган. Шунингдек, Пахтакор туманидан ҳам 650 нафар фуқаролар уйларига кузатилди. Туманга 5 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинган.
Ушбу синовли кунларда давлатимиз кўрсатган кўмак билан бирга, халқимиз ҳам бир ёқадан бош чиқариб, қийин вазиятда қолган Сардоба, Оқолтин ва мирзаободликларга ёрдам қўлини чўзишди. Имкон қадар барча шароитлар яратиб берилди.
Айтиш жоизки, тез кунларда кўрилган зарар бартараф этилиши билан қолган юртдошларимиз ҳам ўз уйларига кузатилади. Қувонарлиси, ушбу меҳр ва бирдамлик синови кунларида ички ишлар ходимлари ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажиришмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати