Орзу уйғонганида
Ўтган асрнинг 60- йиллари. Ярим кечаси ишдан уйига қайтаётган профилактика инспектори 4 та қўйни ҳайдаб келаётган ўсмирни кўриб қолди. Вазифаси нуқтаи назаридан йигитчанинг қаерда яшаши, қўйларни қаёққа олиб кетаётгани билан қизиқди. Ўспирин ўйлаб ўтирмасдан “Шу маҳаллада тураман, қўйларни қўрага олиб кетаяпман”, деди. Теварак-атрофдаги ҳамма болаларни танийдиган инспектор унинг гапларига ишонмади ва бегонанинг билагидан маҳкам тутди.
Тонг отгач, ҳаммаси аён бўлди. Жиззах (ҳозирги Шароф Рашидов) туманида яшовчи ўсмир қўйларни бир кампирникидан ўғирлаб чиққан экан. Чорваси омон қолганидан хурсанд онахон ички ишлар ходимини узоқ дуо қилди. Қўшни аёлнинг гапларини эшитиб турган Шокир барваста, кийимлари ўзига ярашиб турган қонун посбонига ҳавас билан қаради. Ўша воқеа сабаб бўлди-ю, 12 ёшли болакайнинг юрагида ички ишлар ходими бўлиш орзуси уйғонди.
Дарс пайти шогирдларининг келажакда қандай касбни эгаллашига қизиққан ўқитувчи Шокирнинг ниятини эшитиб, “Билиминг яхши, агар ички ишлар ходими бўлишни истасанг, спортга куч беришинг керак”, деди. Шу бўлди-ю, югуриш севимли машғулотига айланди.
Шокир Суннатуллаев 1971 йили Жиззах шаҳридаги 11- мактабни тамомлади. Орадан бир йил ўтар-ўтмас ҳарбий хизматга жўнаб кетди. Дастлабки пайтларда бироз қийналгани рост. Аммо келажагини ички ишлар тизими билан боғлагани боис хизматга астойдил киришди. Ҳарбий ҳаётга тез кўникди, сапёрлик сирларини пухта ўзлаштирди.
Хизматдан қайтиб ички ишлар бошқармасига ҳужжат топширди. Ўрта бўйли бўлгани сабабми, уни соҳага олишга шошилмадилар. Шу туфайли Шароф Рашидов туманидаги пилла корхонасига ҳайдовчи бўлиб ишга жойлашди. 1976 йили эса Жиззах давлат педагогика институтига ўқишга кирди. Ҳаётида юз берган бу ўзгариш ҳам маслагидан чалғита олмади. Ҳар йили ички ишлар тизимига кириш ниятида ҳужжат топширар, ижобий жавобни интиқлик билан кутарди. Ниҳоят қувончли дарак келди.
Бундан Шокир Суннатуллаевнинг боши осмонга етди, ширин хаёллар оғушида кечаси билан ухлолмай чиққани ҳамон ёдида. Уни соҳага олишларини кўнгли сезаётганди. Ўйлаганидек бўлди, жисмоний тайёргарлиги ва билимлари “аъло”га баҳоланди. Қисқаси, 1982 йили Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлимининг балоғатга етмаган ёшлар билан ишлаш инспекциясида соҳадаги фаолиятини бошлади.
Ҳалоллик шиори бўлди
Қолган воқеалар ички ишлар тизимидаги қатъий тартиб асосида ривожланди. Уни қаерга юборишмасин ёхуд қандай лавозимга қўйишмасин зиммасидаги вазифаларни ҳалоллик билан бажарди. Асосан Шароф Рашидов туманида фаолият кўрсатди. Жумладан, профилактика инспектори, туман қўриқлаш бўлинмаси бошлиғи бўлди. Кейинчалик Жиззах вилояти ИИБ шахсий таркиб билан ишлаш хизматининг ўта муҳим ишлар бўйича катта инспектори каби бир қатор лавозимларда ишлади.
2001-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларда оператив фаолият кўрсатувчи Навоий вилоятида жойлашган 2- сонли ИИБ бўлинмаси бошлиғи вазифасида хизмат бурчини бажарди. Пенсияга чиқаётганида погонларини подполковник юлдузлари безаб турар эди.
— Шокир Суннатуллаев Ватанга чин дилдан хизмат қилди, — дейди Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси фахрийлар кенгашининг раиси Холмат Нодиров. — У қаерда ишламасин, ички ишлар ходими формасига заррача доғ туширмади. Шу билан бирга камтарин, самимий, ишнинг кўзини биладиган, қонунни устувор кўриб, хизматдошларини ҳамиша қўллайдиган инсон сифатида ҳурмат, эътибор қозонди.
Шарафли, нуфузли, масъулиятли
Мақоламиз қаҳрамони билан озроқ суҳбатлашсангиз, Шокир Суннатуллаев ҳақида айтилган барча гаплар ростлигига ишонч ҳосил қиласиз. У ҳалол, тўғрисўз, яхшигина раҳбарлик қобилиятига эга, тажрибали ички ишлар фахрийси тимсолида намоён бўлади. Шулар боисми, истеъфодаги ҳамкасблари ҳамда вилоят ИИБ вакиллари тез-тез йўқлаб туришади, Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси фахрийлар кенгаши фаоли сифатида ИИО тадбирларининг доимий иштирокчиси.
— Агар ёшлигим қайтадиган бўлса, яна шу соҳада ишлаган бўлардим, — дейди Шокир Суннатуллаев. — Зеро, озод Ўзбекистон учун хизмат қилмоқ ҳар бир юртдошимиз учун шарафдир. Қолаверса, ички ишлар тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Бу соҳада фаолият кўрсатиш қанчалик нуфузли бўлса, шунчалик масъулиятлидир. Биласизми, ички ишлар тизимидаги энг оғир йўналишлардан бири —профилактика инспекторлиги. Шу маънода Президентимиз мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратди. Профилактика инспекторлари хизмат уйлари ва автомобиллар билан таъминланди. ИИО тизимида энг илғор алоқа, хабарлов ва кузатув ускуналари жорий этилмоқда, ходимлар чет элларга ўқишга юборилаяпти. Аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш борасидаги тадбирлар ҳар қачонгидан кучайган. Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари устувор аҳамият касб этаётир. Бошқа давлат идоралари каби ички ишлар органлари халққа тобора яқинлашмоқда. Булар ҳаммаси элимизнинг келажакка ишончини оширади. Натижада жиноятчилик кескин камайди.
Яхши маълумки, ички ишлар тизимида ишлаган ҳар бир ходим касб тақозоси билан жуда кўп жиноят тафсилотларидан хабардор бўлади. Худди шундай Шокир Суннатуллаев ҳам жойи келганда ана шу воқеаларнинг айримларини сўзлаб беради. Сезганингиздек, ундан эшитганларимизни сизга ҳам илинмоқчимиз.
Дуо
Шароф Рашидов туманининг “Қулама” қишлоқ фуқаролар йиғинида профилактика инспектори бўлиб ишлаган Шокир Суннатуллаев ҳар кунги одатига кўра ишхонасига тонг ёришмасдан етиб келди. Қилажак ишларини режалаштириб турганида эшикдан бир аёл бош суқди. Маълум бўлишича, аёл фарзандининг тўйига атаб қўйган буюм ва газламаларни кимдир ўғирлаб кетган.
Инспектор жабрланувчининг гапларидан тушундики, ўғриликни шу уйга кириб-чиқиб юрган шахс ёки шахслар содир этган. Шу боис ишни аёлнинг қўни-қўшнилари, қариндошларини суриштиришдан бошлади. Бу тадбир натижа бермагач, Шокир Суннатуллаев эътиборни ҳудуддаги жиноятга мойил шахсларга қаратди. Қидирув жараёнида аёлнинг уйида бир муддат илгари қўшни республикадан келган мардикорлар ишлаганлиги аён бўлди.
Инспектор жабрланувчининг диққатини мардикорларга қаратар экан, уларнинг манзили билан қизиқди. Аёл ўйлай-ўйлай меҳмонлардан бири қишлоғи номини айтганлигини эслади. Мазкур талқиннинг тўғри ёхуд нотўғрилигини аниқлаштириш учун инспектор жиноят қидирув бўлими ходими билан қўшни республикага йўл олди. Боришда улар бошқарувидаги автоулов бузилиб қолди ва ортга қайтиб, автомашинани алмаштиришга мажбур бўлишди. Ўша пайтлари ҳозиргидек имкониятлар қаерда эди, дея қўшиб қўяди Шокир Суннатуллаев.
Ниҳоят, айтилган қишлоқни топиб боришди, мардикорларнинг ўғрилик қилгани исботланди. Ходимлар буюмлар ҳамда уч жиноятчи билан ортга қайтдилар. Тўй белгиланган куни ўтди. Аёл раҳмат айтиб, дуога қўл очганида Шокир Суннатуллаевнинг кўнгли ғурурдан тошиб кетди, кўз ўнгида уни ички ишлар ходими бўлишга ундаган воқеа яна жонланди.
Ўзимизнинг ўғри
Шокир Суннатуллаевни Шароф Рашидов туманининг Мирзо Бобур номли қишлоқ фуқаролар йиғинига профилактика инспектори этиб тайинлашганида у яхшигина тажрибага эга бўлиб улгурганди. Бу ерда ишни аҳолини ўрганишдан бошлади, одамлар кўнглига йўл топди. Бир неча жиноятларни очиб, эл орасида обрў қозонди.
Кунлардан бирида қишлоқдаги хонадондан 2 та қорамол ва 4 бош қўй йўқолгани маълум бўлди. Инспектор бу тўғрида туман ички ишлар бўлимига хабар бериб, қидирувни бошлади. Сўраб-суриштириб, ўғрилик бўлган куни ҳудудга “Газ-51” русумли юк машинасида бегоналар келганлигини аниқлади.
Ўша автоуловни қидириш жараёнида қишлоқ оқсоқолларига ўғри ўзи келиб айбини тан олса, жазоси енгил бўлишини тушунтирди ҳамда қонунбузарлик қандай автомашинада содир этилганлигини билишини, жиноятчиларни ҳар қандай ҳолатда тутажагини баён этди. Қишлоқчилик, гап айланиб ўғрининг ҳам қулоғига етиб борган. Қисқаси, у профилактика инспекторининг олдига келиб, айбини тан олди.
Қизиғи, қонунбузар жабрланувчининг қайниси бўлиб чиқди. Илгари жиноятчини топиб, жазосини беришни талаб қилганлар, ўғри кимлиги аён бўлгач, уни кечиришни сўраб илтимос қила бошлашди.
Мевасидан мағзи ширин
Шокир Суннатуллаев пенсияга чиққач, Жиззах шаҳри, “Раваллиғ” маҳалласида жойлашган уйида мўъжазгина архив ташкил этди. Бу архивда турли ҳужжатлар, фахрий ёрлиқлар, фотосуратлар, ички ишлар ходимининг формалари, газета ва журналлар бор. Уларни кузатар экансиз, хаёлингизда соҳа тарихининг бир қисми жонлангандек бўлади.
Аммо бу иш фахрийнинг асосий қизиқиши эмас, Шокир Суннатуллаев бутун диққат-эътиборини 3 ўғли ва 1 қизининг фарзандларига — 13 нафар набирасининг ўқиши ва тарбиясига қаратган. Улар мутолаа қилиши учун 500 та китобга эга кутубхона ташкил қилди. Набираларининг интилишига қараб тўгаракларга олиб боради, рағбатлантиради. Жойи келганда қаттиққўллик қилади.
Шу саъй-ҳаракатлари натижасида набираларидан бири Жиззах политехника институтида таълим олаяпти. Бошқаси бадиий гимнастика билан шуғулланади, икки марта вилоят чемпиони бўлган. Икки нафари футбол машғулотларига қатнайди. Аммо бобога энг катта қувончни ижодкор набираси Азиза Шокирова бағишлади.
— Бобом жуда кўп китоб ўқийди, худди шундай барча набираларини адабиётга қизиқтирган, 5 ёшимиздан бошлаб Ҳамид Олимжон шеърларини ёд олганмиз, — дейди Азиза Шокирова. — У юқтирган иштиёқ сабаб 12 ёшимдан шеър ёза бошладим. “Ниҳол”, “Ифтихоримсан Ватан” шеърий тўпламларим нашрдан чиққан. Қўлимдан тутиб, Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимига олиб борганлар. Бу йил эса Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Айни вақтда Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида ўқияпман. Орзуим — бобом каби ички ишлар ходими бўлиш, Ватанимизга садоқат билан хизмат қилиш.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ички ишлар тизимида самарали фаолият кўрсатган фахрий бугун ибратли оила бошлиғи сифатида фарзанду набираларининг қалбини зиё нури билан ёритмоқда. Шокир Суннатуллаев тўғрисидаги мақоламизни унинг ижодкор набираси Азиза Шокирова битган “Бобомга” номли шеърдаги мисралар билан якунлашни ўринли, деб билдик:
Сиз эмасми, қўлларимга китоб тутиб, эркалаб,
Маърифатнинг кичик чўғин юрагимга ташлаган.
Сиз эмасми, шеъриятнинг жаннатмонад боғига,
Қўлларимдан маҳкам тутиб, мени олға бошлаган.
Бобожоним, сочларингиз мен учун оқардими?...