Жиззах вилояти ички ишлари бошқармасида мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Турли жиноятлар содир этиб, суд ва терговдан қочиб юрган 80 нафардан ортиқ шахсларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари иштирокида уюштирилган тадбирда Жиззах вилояти ҳокимлиги, вилоят ички ишлар бошқармаси, жиноят ишлари бўйича вилоят суди ҳамда прокуратура вакиллари чиқиш қилдилар.
Нотиқлар юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, хусусан, жиноят содир этиб, чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига кирганларни жазодан озод этиш ҳамда ҳалол ҳаётга қайтариш борасида қилинаётган ишларга тўхталиб ўтдилар. Чунончи, 2017 йилда муқаддам террорчилик ва экстремистик ташкилотларга аъзо бўлган 18 мингдан ортиқ юртдошларимиз ана шу ташкилотларга мойиллар рўйхатидан чиқарилди. Улардан 295 нафари Жиззах вилоятида истиқомат қилади.
Тадбир давомида бугунда қидирувда бўлган шахслар ўз пушаймонликларини изҳор этиб, тўғри йўлда эканликларини амалда намоён қилсалар жавобгарликдан озод этилишлари маълум қилинди. Бу тўғрида афв қилинганлар ҳамда уларнинг ота-оналари фикр билдиришди.
— Ўғлим Россия Федерациясига ишлаш учун кетганди, 2015 йилнинг май ойида алоқа узилиб қолди. Нажот истаб Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига келдим, ходимларнинг кўмагида ижтимоий тармоқлар орқали боламни қидира бошладик. Ниҳоят у топилди, ички ишлар ходимлари яна ёрдамга келишди, ўғлимнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда қайтаришда бош-қош бўлдилар. Фарзандим муқаддам қонунбузарликлар содир этганлиги боис қайтаётганида бошқа республикалар ҳудудида ушлаб қолишлари мумкин эди. Аммо ички ишлар ходимлари фарзандимни “очиқ йўлак” билан таъминлаганликлари учун эсон-омон қайтиб келди. Суд ўтказилди ва ўғлим озодликка чиқарилди. Боламни бағримга қайтариб берганлари учун ички ишлар ходимларидан бениҳоя миннатдорман, — дейди Пахтакор туманида яшовчи Ҳамидулла Абдуллаев.
— Россия Федерациясида ишлаб юрган кезларим билиб-билмай экстремистик оқимга қўшилиб қодим. Яъни, сохта диндорлар билан аудиоёзувлар эшитганман, уларнинг бир неча йиғинларида қатнашдим. Бу даврда паспортимнинг муддати ўтиб кетди. Шундай бир пайтда экстремистик оқим аъзоси сифатида менга нисбатан қидирув эълон қилинганлигини эшитиб қолдим. Очиғи, жазодан қўрқиб, кўпчиликдан маслаҳат сўрадим, улар ҳадигимни оширишди. Аммо интернетда Президентимизнинг террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳларга адашиб кириб қолганларни афв этиш тўғрисидаги гапларини эшитиб, юртга қайтиш вақти келганини сездим. Бу орада ички ишлар ходимлари алоқага чиқиб, гуноҳим енгиллигини, қайтсам, кечирилишим мумкинлигини билдиришди. Иккилана-иккилана ортга қайтдим. Ички ишлар ходимлари айтганларидек, мен жазога тортилмадим, суд залидан озод қилишди. Айни вақтда тадбиркорлик билан шуғулланаяпман, яқинда 15 миллион сўм кредит олдим. Бу ерда йиғилганларга айтадиган гапим: “Юртимизда улкан ўзгаришлар юз бермоқда, фарзандларингизни Ватанга қайтаринг, улар кечирилади” — дейди Ғаллаорол туманида яшовчи Сардор Абдуллаев.
Йиғилиш давомида қидирувда бўлган шахсларнинг яқинларига жигарларини юртимизга қайтаришда ижтимоий тармоқ имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича комиссияга мурожаат этиш йўли билан жиноий жавобгарликдан озод этилиш тартиблари тўғрисида маълумотлар берилди. Мақсад кимнидир жазолаш эмас, балки тўғри йўлга солиш, жигарларининг бағрига қайтариш эканлиги билдирилди.