Қонун посбонига қўл кўтарган безориларга жиноий иш қўзғатилди
Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш устувор вазифадир. Бу мақсадни амалга оширишда ички ишлар органлари беқиёс ўрин тутади. Чунончи, йўлларда ҳаракат хавфсизлиги назорат қилинмаса, қандай кўнгилсиз ҳодисалар юз беришини бир тасаввур қилиб кўринг ёхуд жиноятга мойил шахсларни ҳеч ким тиймаса ҳаётимиз қандай кечарди?
Аммо соҳа вакилларининг қонун ҳимоясига қаратилган фаолияти моҳиятини англамайдиган ёки англашни истамайдиганлар учраб туради. Фориш туманининг Хонбанди маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Шоҳруҳ Усмонов, Фазлиддин Ғофуров, Жамшид Ҳайдаров ҳамда Оқтепа маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳасан Маматовлар ана шундайлар сирасига киради.
Ароққа қўшиб ақлини ҳам ичиб юборган бу кимсалар cалонида бўлган давлат рақами 25 Q 299 EA “Ласетти” русумли автомашина жорий йилнинг 28 ноябрида Қорабдол қишлоғи ҳудудидаги тўсиқ постига жалб этилган ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилди. Текширув жараёнида автомашинани бошқараётган Шоҳинур Усмоновнинг мастлиги аён бўлди. Табиийки, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, улов жарима майдонига қўйилади.
Пиёда қолган ҳайдовчи ва йўловчилар воқеадан тўғри хулоса чиқармасдан ярим кечасигача ароқхўрликни давом эттиришади. Зиёфат тунги соат 1 ларда якунланади ва улар туманнинг Ўзбекистон маҳалласида изғий бошлайдилар. Маҳалла ҳудудида маст ҳолда шовқин солаётган Шоҳруҳ Усмонов, Фазлиддин Ғофуров, Жамшид Ҳайдаров, Ҳасан Маматовларнинг қаршисидан ўз хизмат вазифасини бажараётган Фориш тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси сафдор ходими Бекзод Юлдашев чиқиб безориларни тартибга чақирди.
Улар эса ички ишлар ходимининг қонуний талабига ташланиш билан жавоб қайтардилар. 4 нафар муштумзўр томонидан етказилган зарбалар натижасида Бекзод Юлдашев бош мия ёпиқ жароҳати, ўнг қош тепа қисми урилиб, йиртилган жароҳати, ўнг юз йиртилган жароҳати ва юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277- моддаси, 3- қисми, “Г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.