Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Тузкон обод қўрғонга айланади

Тузкон обод қўрғонга айланади

30 январь 2019, Среда
1 749
0

Республикамиз Президентининг жорий йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори секторлар кесимида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни баратараф этиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Яъни, ҳуқуқий ҳужжатда секторларда фаолият самарадорлигини таъминловчи тизим ва воситалар ҳамда молиявий манбалар, сектор раҳбарларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилган.

Чунончи, эндиликда вилоят миқёсидаги секторлар штаби таркиби кенгайиб, молия, иқтисодиёт, бандлик, соғлиқни сақлаш, коммунал хизмат кўрсатиш, йўл қурилиш йўналишидаги қатор бошқармалар ҳамда жамоат ташкилотларининг 24 нафар вакиллари ҳисобидан шакллантирилади. Туман штабларига эса 19 нафар масъул ва мутахассислар жалб этилади. Уларнинг иш жойлари ва маошлари сақланган ҳолда доимий суръатда секторларда фаолият кўрсатишига эришилади.

Аниқроғи, аҳоли муаммоларини ҳал этишда зарурий салоҳиятга эга корхона ҳамда муассасаларнинг ўз йўналишларида фаол иштироки таъминланади. Йилнинг ҳар чорагида камида битта йиғилиш ўтказилиб, сектор раҳбарларининг фаолияти таҳлил этилади, шу асосда дуч келинаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Ишнинг бу тартибда юритилиши, табиийки, аксар давлат идоралари раҳбарларининг аҳоли билан мулоқотини янада кучайиштиришга омил бўлади. Мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилангандек бу борадаги асосий масъулият ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идоралари раҳбарлари зиммасидадир.

Қисқаси, қарор Президентимизнинг давлат идоралари вакилларининг халқ хизматида бўлишга оид талабига ҳар жиҳатдан мосдир. Мавзуга Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси фаолияти мисолида ёндашадиган бўлсак, жорий йилда соҳа вакиллари масъуллигидаги 77 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш бўйича иш олиб борилади. Мазкур мақсадда аҳоли билан учрашувлар ташкил этилиб, кўтарилган муаммолар, билдирилган таклифлар асосида “йўл харитаси” шакллантирилаётир.

Айрим ҳудудларда эса бунёдкорлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Чунончи, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ташаббуси билан Арнасой тумани, “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғини, Тузкон қўрғонида яшовчиларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилашга қаратилган тадбирлар жадаллик билан амалга оширилмоқда. Қўрғон кўркини бузиб турган ноқонуний бино ва деворлар олиб ташланиб, ҳудуд чиқиндилардан тозаланаяпти. Бу юмушлар якунлангач, 54 та турар жойни таъмирлаш, замонавий меъморчилик талаблари асосида янги деворлар қуриш ва бўяш кўзда тутилаётир. Марказий кўчада 1200 метрлик пиёдалар йўлагибарпо қилинади. Бу ишга 270 миллион сўм маблағ сарфланиши белгиланган.

Шунингдек, электр таъминотини яхшилаш мақсадида янги трансформатор ўрнатилади. 14 километр йўл жорий, 2 километри эса мукаммал таъмирдан чиқарилади. 21 километрлик ичимлик суви қувурлари тортилиб, мавжуд ҳовуз таъмирланади. Асосий кўчага 20 та ёриткич ўрнатилади. Қўрғондаги 18-сон умумтаълим мактабида 700 миллион сўмлик таъмир ишлари амалга оширилади, жиҳозлар ва ўқув қуроллари янгиланади.

Ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти учун ер ва кредит ажратиш, касаначиликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу йўналишдаги ишлар туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, бандликка кўмаклашиш марказлари ёрдамида ҳал қилинмоқда. Тузконликлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, заруратга кўра, эҳтиёжманд оилаларга дори-дармонлар ажратиш чоралари кўрилаётир.

Табиийки, ушбу тадбирлар ҳудудда ҳуқубузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш учун ҳам хизмат қилади. Қисқаси, тез орада Тузкон юртимизнинг кўркам гўшаларидан бирига айланади. Жорий йилда Жиззах вилояти ички ишлар органлари, яъни, 3- сектор масъуллигида ўндан ошиқ қишлоқ, маҳалла ва қўрғонларнинг обод қилиниши кўзда тутилаётир. Соҳа вакиллари юртга гўзаллик, кўнгилларга илиқлик бахш этишаётганларидан мамнундирлар.


Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар