Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » “Халқни қийнайдиган муаммо қолмайди”

“Халқни қийнайдиган муаммо қолмайди”

09 апрель 2019, Вторник
1 671
0

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарларининг оммавий сайёр қабулларини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи асосида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳоли билан мулоқотлар уюштирилмоқда. Жумладан, Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Шавкат Мавлянов ҳамда вазирлик ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Шуҳрат Рафиковлар 2-4 апрель кунлари Жиззах вилоятида бўлдилар.

Вазирлик масъуллари сайёр қабулнинг биринчи куни Янгиобод, Зомин, Зарбдор ҳамда Шароф Рашидов туманлари аҳолиси билан учрашишди. Мазкур тадбирлар аввалида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш мақсадида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича қилинаётган ишларга тўхталиб ўтилди.Маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, ташкилот ва корхоналар вакиллари иштирокида уюштирилган мулоқотлар давомида электр, табиий газ ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, деҳқон хўжаликлари, турар жой ҳамда тадбиркорлик учун ер майдонларива имтиёзли кредитлар ажратиш, ўрта умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, спорт заллари қуриш, йўлларни таъмирлаш, ногиронга қараганлик учун ёки икки ёшгача болалар нафақасини тайинлаш масалалари кўтарилди.

Жамоат транспорти қатновини йўлга қўйиш, мулкка бўлган ҳуқуқни эътироф этиш, автотранспорт ҳужжатларини расмийлаштириш, ишга жойлашиш, соғликни тиклаш, уй-жойни таъмирлаш борасида ёрдам сўраганлар ҳам бўлди. Кўтарилган ҳар бир масалага тегишли масъуллар бириктирилиб, муаммоларни ҳал этиш муддатлари белгиланди.

— Халқимиз дардига дармон бўлиш учун Ички ишлар вазирининг ўринбосари келганлиги бизни жуда қувонтирди, — дейди Зарбдор тумани, Нурафшон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шодмонҳожи Жўлматов. — Қишлоғимиздаги сизот сувларни тортувчи канални чуқурлаштириш ҳамда кўприк қуришга оид илтимосимизни баён қилгандик. Шу ернинг ўзида техника ажратиш чораси кўрилди ва масала ечим топадиган аниқ кун белгиланди. Шундай тадбирлар ўтаверса, халқни қийнайдиган муаммо қолмайди. Айтиш керакки, юртимиз кўз ўнгимизда ўзгараяпти. Кечагина Манас кўримсиз қишлоқ эди, бугун эса юртимизнинг энг гўзал гўшаларидан бирига айланган. Худди шундай Мирзачўл тумани маркази Гагарин ҳақиқий шаҳар қиёфасини олди. Айни вақтда вилоятимиздаги туманлар марказлари, ўнлаб қишлоқлар ободлашаяпти. Булар ҳаммаси учун Президентимиздан, бизга ёрдам бераётган Ички ишлар вазирлиги раҳбариятидан миннатдормиз.

Оммавий сайёр қабулларнинг иккинчи куни Ички ишлар вазирлиги масъуллари Бахмал, Ғаллаорол, Фориш туманлари ҳамда Жиззах шаҳри аҳолиси билан учрашдилар. Мулоқотлар жараёнида коммунал хизмат, таълим, банк-молия, бандлик, қурилиш соҳаларига оид масалалар тилга олинди. Шунингдек, йўл белгилари, светофорлар ўрнатиш, пиёдалар ўтиш йўлагини ҳосил қилиш, ички ишлар органларига ишга кириш, етказилган зарарни қоплаш, жазо муқаррарлигини таъминлаш, маҳаллага профилактика инспектори ажратиш, меросни тақсимлаш, ҳатто, йўл қоидасини бузганлик учун белгиланган жаримани камайтириш юзасидан мурожаатлар бўлди.

Аҳоли билан учрашувлар давомида ҳокимлик, коммунал хизмат корхоналари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига ҳар бир муаммога жиддий ёндашиш, уларга қисқа муддатларда ечим топиш талаби қўйилди. Шунингдек, республика ташкилотлари иштирокисиз ҳал бўлмайдиган масалалар давлат дастурлари ва йўл хариталарига киритилиши билдирилди.

— Республика ички ишлар вазири ўринбосарига Узунбулоқ, Булоқбоши, Маданият, Тенгари, Ўрай, Қутчисой, Қурбонзўр қишлоқларида яшовчиларнинг илтимосларини етказдим, — дейди Бахмал туманидаги 46- ўрта умумтаълим мактаби ўқитувчиси Аслиддин Арзиев. — Жумладан, бу ҳудудларда электр таъминотини яхшилаш мақсадида 50 та бетон устун сўрадик, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари шу ойда масалани ҳал қилишга ваъда берди. Қишлоқ врачлик пункти очиш таклифимиз ҳам ижобий ечим топди. Яъни, мактаб биносидаги битта хона ҳокимлик томонидан тиббий муассасага мослаштирилади, туман тиббиёт бирлашмаси эса мутахассис ҳамда тиббий анжомлар ажратади. Мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ талабимиз маҳаллий тадбиркор орқали ечим топиши билдирилди. 3 километр йўлни таъмирлаш учун махсус техникалар ажратадиган бўлишди. Ўзимиз ҳам қараб турмаймиз, ҳашар уюштирамиз, техникалар ёнилғисини ғамлаб қўйганмиз. Бугунги сайёр қабул жудаям самарали ўтди, деб ўйлайман.— Шу йил март ойида юз берган сел оқибатида қишлоғимиздаги битта турар жой ҳамда кўприк қулаб тушди, — дейди Ғаллаорол тумани, Муқри қишлоғида яшовчи Нурқосим Ҳожиев. — Ички ишлар вазирининг ўринбосарига ушбу масалалар юзасидан мурожаат этдим. Мулоқот давомида янги кўприк қуриш ҳамда ҳамқишлоғимизнинг уйини тиклашни туман ҳокимлиги масъуллари зиммаларига олишди. Бу ишларнинг тез кунларда амалга ошишига ишонаман.

Оммавий сайёр қабулнинг учинчи кунида Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор, Зафаробод туманлари аҳолисини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Мазкур туманларда ҳам бандлик, электр, газ ва сув таъминоти, чиқиндиларни олиб чиқиш, ер ости сизот сувларини қочириш, ижтимоий соҳа объектлари фаолиятини йўлга қўйиш, маданият саройларини таъмирлаш, йўлларга асфальт ётқизиш, моддий кўмак ва даволаниш йўлланмалари ажратиш, тадбиркорлик, турар жойга оид муаммолар кўриб чиқилди. Айрим ишларни ҳашар йўли билан амалга ошириш чоралари белгиланди.

Айтиш жоизки, аҳолининг турли қатламларини қамраб олиш мақсадида оммавий сайёр қабуллар фуқаролар учун қулай жойларда ташкил этилди. Оммавий ахборот воситалари орқали қабуллар вақти ва ўтказиладиган жойлар ҳақидаги маълумотлар бериб борилди. Учрашувлар натижадорлигига эришиш, фуқаролар талабларини тўлақонли қондириш, масалаларни холис ва қонунан ҳал қилиш учун барча имкониятлар ишга солинди, десак адашмаймиз.

Жараёнда қайта мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилиб, республика миқёсида ҳал этиладиган масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Бундай тадбирлар аҳоли дуч келаётган қийинчиликларни бартараф этиш, фаровонликни ошириш билан бирга ички ишлар органларининг нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.


Алижон АБДУСАТТОРОВ.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар