Қайни поччасини пичоқлади
Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан Шароф Рашидов туманининг Учтепа маҳалласида уюштирилган жиноят муҳокамасида одатдагидек шу ҳудудда яшовчилар, ҳокимлик, ички ишлар, прокуратура, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари қатнашишди. Ва одатидагидек тадбир аввалида содир этилган жиноят тафсилотлари баён қилинди.
Маълум бўлишича, 9 апрель куни соат 23.30 лар атрофида Шароф Рашидов тумани, Қизлартепа маҳалласи, “Чорвадор-1” кўчасида яшовчи, 1991 йилда туғилган Н.Н. қайрилма пичоқ билан туманнинг Учтепа маҳалласи, “Пахтакор-2” кўчасида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган поччаси О.Л.нинг жонига қасд қилган.
Юракка етказилган пичоқ зарби натижасида жабрланувчи шифохонага йўл олган автоуловда жон берган. Воқеа жойидан қочиб кетган жиноятчи эртаси куни ички ишлар ходимлари томонидан ушланди. Қотилликка эр-хотин ўртасидаги жанжал сабаб бўлган. Опаси А.А.нинг телефон қўнғироғидан сўнг жигарининг ҳимоясига отланган ука пичоқ орқали поччасининг зуғумларига чек қўймоқчи бўлди.
Қотил жаҳлни босолмаслик ортидан жиноий мақсадига тўлалигича эришди. Аммо буёғи нима бўлади? Айбдор муайян муддатга қамалади, ўзининг ҳам бошига етган поччасининг ҳам фарзандлари ота меҳридан бенасиб қолишади. Бундан ким ютди, ким ютқазди?
Муҳокама давомида шулар ҳақида сўз юритилар экан, қайсидир маънода, жиноятчини оқлаганлар бўлди. Худди шундай, муқаддам ўғрилиги учун судланган, турмуш ўртоғини урганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган марҳумни илиқ сўзлар билан эслаганлар бўлди. Аксинча, ҳар икколовидан норозилар топилди. Худди шундай, эридан ажралган, укасини қамоққа кузатаётган аёл ва унинг яқинларини қоралайдиганлар ҳам учради.
Билдирилган фикр ва мулоҳазалардан аён бўлдики, эр-хотин ўртасида тез-тез жанжаллар бўлиб турган. Аёл турмуш ўртоғининг топиш-тутишидан, унга муносабатидан қониқмаган. Оиладаги жанжалига қайнилар ҳам вақти-вақти билан аралашиб туришган. Қисқаси, вазият мураккаблашиб бораверган. Шу маънода, масалага етарлича эътибор қаратмаган ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари, хотин-қизлар қўмитаси масъуллари танқид қилинди.
Шунингдек, фарзанд тарбиясидаги нуқсонлар, жойларда кузатилаётган салбий ҳолатларга бефарқлик, спиртли ичимликларнинг ноқонуний савдоси оқибатида содир бўлаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Йиғилиш давомида кўпчилик томонидан билдирилган хулоса шу бўлдики, келгусида бундай ҳодисаларга йўл қўймаслик учун барча имкониятлар ишга солиниши лозим.
Айтиш жоизки, бу каби жиноят муҳокамалари вилоятимизнинг барча ҳудудларида уюштирилмоқда. Жараёнда профилактик тадбирларни кучайтириш, жамиятга хавф туғдириши мумкин бўлган омилларни бартараф этиш, шу орқали тинчлик ва осойишталикни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.