Даштободда генерал-майор оммавий сайёр қабул ўтказди
Ўтказилган қабулда ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари, вилоят ва ҳудуд миқёсидаги бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирок этдилар. Учрашувда Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев қатнашди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида тегишли мутасадди ташкилот вакилларига аниқ топшириқлар берди. Мурожаатлар электр, табиий газ ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, турар жой, моддий ёрдам, йўлларни таъмирлаш, уй-жой кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш каби қатор масалалари кўриб чиқилди.
Йўл белгилари, светофорлар ўрнатиш, пиёдалар ўтиш йўлагини ҳосил қилиш, маҳаллада профилактика инспектори фаолиятини йўлга қўйиш, автотранспорт ҳужжатларини расмийлаштириш, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун тайинланган жарима миқдорини камайтириш сингари масалалар ҳам кўтарилди.
Бундан ташқари коммунал хизмат кўрсатишдаги камчиликлар, мулкка бўлган ҳуқуқни эътироф этиш, мактаб, мактабгача таълим муассасаси, моддий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар тилга олинди. Баён этилган ҳар бир масала эътиборга олиниб, ҳал этиш муддатлари белгиланди. Масъулларга муайян вазифалар юкланди.
Айтиш жоизки, сайёр қабуллар давомида 50 дан ошиқ муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланди. Бундай тадбирлар ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши билан бирга ички ишлар органларинининг нуфузини янада юксалтиришга омил бўлади. Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров туманлардаги оммавий сайёр қабуллари давом этмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.