Тезкор хизматлар ўрганилди
Кеча хабар қилганимимиздек, айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида бўлиб, ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ўрганмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида кузатилаётган муаммолар, тезкор хизматларнинг иш сифатига қаратилаётир.
Ташрифнинг 2- куни ишчи гуруҳи аъзолари Жиззах шаҳрида ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган ўқув амалий тактик машғулотни кузатдилар. Тадбир машғулот режасини ишлаб чиқиш ва тегишли куч ва воситаларни сафарбар этиш билан бошланди. Машғулот давомида тартибсизликларни келтириб чиқаришга уринган жиноятчилар гуруҳини ушлаш ва зарарсизлантириш чоралари кўрилдилар.
Жумладан, ҳудуддаги фуқароларни хавфсиз жойга кўчириш, гаровдагиларни озод қилиш, жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, портловчи моддаларни хавфсизлантириш каби амалиётлар бажарилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳи аъзолари ўтган йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топширилган Зарбдор тумани ички ишлар бўлимида бўлиб, бу ерда ходимлар фаолияти учун яратилган шароит ва имкониятлар билан танишдилар.
Ташриф давомида ички ишлар бўлимидаги маърифат хонаси, махсус тергов мажумаси, ситиуацион марказ, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи хонаси ва спорт залида бўлинди.
Зарбдор тумани ички ишлар бўлими раҳбариятига ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича тавсия ва топшириқлар берилди. Худди шундай, ишчи гуруҳи аъзолари Зомин тумани ички ишлар бўлими фаолияти билан ҳам танишдилар.
Ишчи гуруҳи аъзолари ИИВ Жиззах академик лицейида бўлиб, ёшлар билан учрашув ўтказдилар. Тадбирда ўқувчиларни қизиқтираётган масала ва муаммолар ўрганилди. Бу жараёнда фаол ёшлар, турли кўрик-танловлар ва спорт мусобақалари ғолибларига ИИВ номидан китоблар жамланмалари совға қилинди.
Ишчи гуруҳи аъзолари Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси фаолиятини ҳам ўргандилар. Ўрганиш давомида асосий эътибор жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш тадбирларининг самарадорлигига қаратилди. Кузатилган айрим камчиликларни бартараф қилиш юзасидан топшириқлар берилди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати