Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Коса тагидаги нимкоса

27 февраль 2020, Четверг
553
0

 Метро бекатида поезд кутиб тургандим. Бекорчиликдан улкан мониторда намойиш этилаётган реклама роликини томоша қила бошладим. Қарасам, алламбало кийинган бир тўда йигит-қизлар тинимсиз ирғишлаяпти. Калта-култа кийим кийган бир қиз эса жон-жаҳди билан улар томон югуряпти. Бир пайт тўдага қўшилиб, кола идишини қўлига олиб, у ҳам ирғишлашга тушди. Қиз ичимликнинг кайфидан шунақанги сакрадики...

Кейин билсам, бу кола ичимлигининг рекламаси экан. Уни томоша қилиб, айрим ёшлар ҳаётнинг бутун завқу шавқи кола ёки шунга ўхшаш бирор чанқовбосди ичимлик ичиб, маза қилишда деб ишониб қолиши ҳеч гап эмас.

Эртаси куни кўрган реклама роликим бундан ҳам ошиб тушди. Кадрда тасвирга туширилган ҳаёт аввалига бир маромда давом этаётган эди. Бир пайт ҳамма ўз ишини ташлаб, дўкон томон югуриб қолди, денг. Дўконга кираверишда талотўп одам. Ўша топ­да биров оёқ остида қолса, босиб ўтишдан ҳам тойишмасди. Қарасам, ҳалиги дўконда кийим-кечаклар катта миқдорда чегирма билан сотилаётган экан. Аравани тўлдириб латта-путта ортиб кетаётган одамларни кўриб, «Нима бало, булар умрида кийим кўрмаганми ёки шир яланғоч қолганми?» деган хаёлга борасиз. Ваҳоланки, ҳаммаси туппа-тузук кийинган, кўпчилигининг ҳатто тагида автомашинаси ҳам бор. Фақат кўзи оч. Улар учун ҳаётнинг маъноси фақат чиройли кийинишдан иборатга ўхшарди.

Реклама роликининг кетидан қайсидир тилдаги қўшиқ клипи уланиб кетди. Қўшиқнинг сўзларига тушунмадим. Лекин шўх мусиқа андай-мундай кишининг қонини қиздириб, эҳтиросларини жўшдириб юборарди. Кабриолетда қўшиқ куйлаб кетаётган хонанда ҳам, унинг ҳамроҳлари ҳам мусиқа оҳангига мос равишда қийшанглаб рақсга тушишарди. Улар атрофдагиларни ҳам ўзларига тақлид қилишга ундарди гўё. Аввалига йўл ёқасида турган жамалаксоч қизалоқ ҳам, соддагина болакай ҳам ҳалигиларга анграйиб қараб туришди. Кейин уларга ўхшаб қийшанглаб рақсга туша бошлашди...

Кўпчилик билса керак, кинода, телевидениеда 25-кадр деган тушунча бор. Томошабин бу кадрни илғамай қолиши мумкин, лекин ундаги тасвир кишининг онгу шуурига, ҳатто онг остига таъсир қилади. Шунга ўхшаб, юқоридаги ва бошқа кўпгина реклама роликларию қўшиқ клипларида коса остида нимкоса борга ўхшайди. Уларнинг муаллифлари умрнинг мазмуни фақат маза қилиб еб-ичишдан, чиройли кийинишдан, табиий майлларга эрк беришдан иборат демоқчими? Шунга ўхшайди. Унақада инсоннинг ҳайвондан қандай фарқи қолади? Шу тарзда яшаш одамни худбинга, фақат истеъмолчига айлантириб қўймайдими?

Улуғ бобокалонларимиздан бири «Мен ейиш учун яшамайман, балки яшаш учун ейман», деган эди. Агар яшашнинг маъно-мазмуни фақат мазали таомлар ейишу кимхоб тўнлар кийишдан иборат бўлганида, Абдулла Қодирий асарларининг қаҳрамонлари Юсуфбек ҳожи, Отабек, Анвар эл ғамида қон ютмасди. Ахир, уларга нима етишмасди? Егани олдида, емагани ортида эди-ку. Балки, баъзилар уларни ҳаётдаги одамлар эмас, бадиий образлар дейишар. Тўғри, лекин улуғ адибимиз бизларни ана шу қаҳрамонлардан ибрат олишга чақирмаганми?

Ҳаётда ҳам бизлар бу борада ибрат олсак арзийдиган аждодларимиз жуда кўп бўлган. Алишер Навоий бобомиз ўз замонасининг энг бой-бадавлат одамларидан бири эди. Лекин у ўзининг молу давлатини илму фан ривожига, маданият тараққиётига, мамлакат ободончилигига сарфлади-ку. Ўзи мамлакатда адолатни қарор топтириш, халқ турмушини енгиллаштириш йўлида қанчадан-қанча машаққат чекди. Ваҳоланки, фақат ўз роҳатини ўйлаб, давру даврон суриб яшаса ҳам бўларди-ку.

Ҳар қадамда реклама эълонлари, нафақат кўча-кўйда, балки ойнаи жаҳонда ҳар куни намойиш этиладиган реклама роликларига кўзим тушганида мени бир ўй қийнайди. Аксар ёшларимизни бу рекламалар «Қандингни ур, даврингни сур» қабилида ўйлайдиган молпараст, худбин кимсаларга айлантириб қўймасмикан? Пайти келиб элпарвар, юртпарвар аждодларимиз уларнинг назарида маза қилиб яшашни билмаган ношуд одамлардек кўринмасмикан? Бундан худонинг ўзи асрасин. Лекин «Худо ҳам ўзини асраганни асрайди» деган гап бор. Шунинг учун клипу рекламаларнинг ҳам мазмун-мундарижасига эътиборли бўлишимиз керакка ўхшайди. Токи улар эгоцентризмнинг, «оммавий маданият»нинг тарғиботига айланиб қолмасин.

 

Бобомурод ТОШЕВ,

«Postda» мухбири

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар