Ўғирланган 48 бош қорамоллар эгасига қайтирилди
Жорий йилнинг 8 апрель куни Мирзачўл тумани ички ишлар бўлимига Янгидала қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1974 йилда туғилган К.И. мурожаат қилиб, 48 бош қорамолларини номаълум шахс ўғирлаб кетганини билдирди.
Маълум бўлишича, қорамоллар жабрланувчига қарашли “Суннат Комил ўғли” фермер хўжалиги ҳудудидаги қўрадан олиб кетилган.
Мирзачўл туман ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув натижасида жиноят “иссиқ изи”да фош этилди. Ўғри Янгидала қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1996 йил туғилган М.Қ. бўлиб чиқди. У қорамолларни Арнасой тумани, Чўлқувар қишлоқ фуқаролар йиғинига ҳайдаб келган ва шу ерда сотиб юбормоқчи бўлган.
Туман ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 48 бош қорамоллар ҳужжатлаштириб олинди. Айтганча, ўғирлик қорамолларнинг баҳоси 430.000.000 сўм бўлган.
Жиноят бўйича белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати